ТИВ ўзбек дипломатлари Ғалаба кунини нишонламасликка чақирганига оид хабарни рад этди

Президент Мирзиёев Тошкентда "Ғалаба боғи"нинг очилиш маросимида. 2020 йил, 9 май.

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги бош консулхонаси ходимлари ўзбек диаспорасини Ғалаба кунини нишонламасликка чақиргани тўғрисидаги хабарга раддия билдирди.

Вазирликнинг 18 майда эълон қилинган баёнотида айтилишича, Россиядаги айрим интернет нашрларда Екатеринбургдаги Ўзбекистон консулхонаси дипломати “ватандошларни Ғалаба кунини байрам қилмасликка чақирган ва дипломатик жанжални келтириб чиқарган”, деган мазмундаги хабарлар пайдо бўлган.

“Бош консулхона дипломатлари ўзбек диаспорасини фашизм устидан қозонилган Ғалаба кунини байрам қилмасликка чақирмаган ва бу борада ҳеч қандай чиқишлар қилмаган. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси Россия Федерацияси ТИВининг Екатеринбург шаҳридаги ваколатхонаси билан боғланди. Ваколатхона дипломатик жанжал ҳақида ҳеч қандай сўз бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлади”, дейилади баёнотда.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ғалаба куни “хурсандлик ва кўзда ёш билан эсланувчи” умумий байрам эканини, 9 май куни президент Мирзиёев Тошкентда Ғалаба боғини тантанали очиб берганини ҳам эслатиб ўтган.