Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 4 ойда деярли 1,3 миллиард долларга озайди

Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 10,6 фоизга, импорт ҳажми 10,8 фоизга камайди.

Жорий йилнинг январь-апрель ойлари якуни бўйича Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 10 миллиард 823 миллион долларни ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 10,7 фоизга оздир. Пул ҳисобида бу кўрсаткич 1 миллиард 297 миллион долларни ташкил қилади.

Давлат статистика қўмитаси 20 май куни эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 10,6 фоизга камайиб 4 миллиард 416 миллион 900 минг долларни, импорт ҳажми 10,8 фоизга камайиб 6 миллиард 406 миллион 300 минг долларни ташкил қилган. Ҳисобот даврида 1 миллиард 989 миллион 400 минг доллар миқдорида пассив савдо баланси қайд этилди.

Ҳисоботда 150дан ортиқ давлатлар билан савдо муносабатларини ўрнатган Ўзбекистоннинг энг фаол савдо ҳамкорлари қаторида Россия (16,7 фоиз), Хитой (16,6 фоиз), Қозоғистон (8,3 фоиз), Жанубий Корея (7,4 фоиз), Туркия (5,6 фоиз), Қирғизистон (2,0 фоиз) ва Германия (2,0 фоиз) қайд этилган.