Туркманистон қамоқларидан озод қилинган 61 ўзбекистонлик ватанига қайтарилди

Ўзбекистонга қайтарилган амнистия қилинган махбусларни чегарада текшириш жараёни. ИИВ сайтидан олинган сурат.

Туркманистондаги қамоқхоналарда жазо муддатини ўтаётган 61 нафар ўзбекистонлик амнистия асосида озодликка чиқарилди ва Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда 21 май куни Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Озод этилганларнинг 59 нафари эркак ва 2 нафари аёл. Улардан 1 нафари Тошкент шаҳри ва 1 нафари Навоий вилоятидан, 2 нафари Бухоро, 3 нафари Тошкент, 5 нафари Қашқадарё, 25 нафари Хоразм вилояти ва 24 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи фуқаролардир.

“Улар карантин тартиб-қоидаларига тўлиқ риоя этилган ҳолда Бухоро вилояти Олот туманидаги Божхона чегара пости орқали Республика ҳудудига киритилиб, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган 14 кунлик махсус карантин сақлаш жойига жойлаштирилди”, дейилади хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, озод этилганлар орасида Ўзбекистон ҳудудида қидирувда бўлган 5 нафар шахс ҳам бор. Улардан 3 нафари Хоразм вилояти ва 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида яшаган.

Вазирлик қидирувда бўлган 2 нафар қорақалпоғистонлик махсус конвой автомашинаси билан яшаш жойи - Қорақалпоғистон Республикасига жўнатилганини ҳам билдирди.

Аввалроқ Туркманистон давлат матбуоти 15 май куни ўтказилган ҳукумат йиғинида “жиноий ҳаракатларидан самимий афсусда бўлган” 1 минг 192 нафар Туркманистон ҳамда 210 нафар хориж фуқаросини озод этиш қарори қабул қилингани тўғрисида хабар берганди.