Бир йилда йўл қоидасини 12 марта бузган ҳайдовчи ўзи ва бошқалар ўлимига сабабчи бўлди

Бухорода аварияга учраган автомашиналардан бири. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти сайтидан олинган сурат.

Бир йил давомида йўл ҳаракати қоидаларини 12 марта бузган тажрибасиз ҳайдовчи 13-қоидабузарлик пайтида ҳалок бўлди. Ҳайдовчидан ташқари 19 ёшли қиз ҳам вафот этди ва яна 5 киши жароҳатланди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг хабар беришича, воқеа Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидан ўтган 4R-76 автойўлининг 8-километрида 19 май куни тахминан 13:30 да содир бўлган. Бир йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга бўлган 31 ёшли М. Ж., Nexia автомобилида қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, 39 ёшли Н. Т., бошқарувидаги Lacetti билан тўқнашган.

Тўқнашув оқибатида Nexia йўловчиси бўлган 19 ёшли З.Н., воқеа жойида, ҳайдовчи М.Ж., эса тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Бундан ташқари, ҳар икки автомашинадаги 6 нафар йўловчидан 5 нафари оғир тан жароҳати, бир нафари эса енгил тан жароҳати олган, уларнинг барчасига тиббий ёрдам кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қоракўл туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

20 май куни Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Ўзбекистонда 1 апрелдан 30 апрелгача 336та йўл-транспорт ҳодисаси юз бергани ва уларда 76 одам ҳалок бўлгани ҳақида билдирган эди.