Тўрткўлда 13 ёшли ўғлини сотаётган аёл қўлга олинди

Ўғлини сотаётган аёл қўлга олинган пайтда олинган сурат. ИИВ сайтидан олинди.

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини сотаётган аёл қўлга олингани ҳақида 25 май куни Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.

Расмий хабарда таъкидланишича, 19 май куни 43 ёшли М.П., Беруний тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилган. У ўз аризасида Тўрткўл туманида яшовчи “Қундуз” исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини маълум қилан.

Ўша куни унинг аризасига асосан соат 21:00 да Беруний тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Тўрткўл туманида жойлашган намунали уйда ижарада яшаб келаётган 38 ёшли Қундуз К., ўзининг вояга етмаган 13 ёшли иккинчи фарзанди Д.О., ни фуқаро С.Э., га 15.000 АҚШ доллари эвазига сотаётган вақтида ушланган.

"Ҳодиса содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ҳамда қолган 14.600 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда олинган. Ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Қундуз. К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, - дейилади хабарда.