Тошкентни Фарғона водийси билан боғловчи пуллик автомобиль йўли лойиҳасига тендер эълон қилинади

"Қамчиқ" довони йўли.

“Қамчиқ” довонида муқобил туннель қурилишини ўз ичига олувчи “Тошкент-Андижон” пуллик автомобиль йўли лойиҳаси бўйича тендер эълон қилинади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида транспорт соҳасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва изчил ривожлантириш масалалари бўйича 25 май куни ўтказилган йиғилишда билдирилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда Ш.Мирзиёев ички йўллар масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ҳолати ёмонлиги, одамлар бундан норози эканини қайд этган. 80 минг километр ички йўлларни реконструкция қилиш, бу борада бутун дунёда қўлланиб келинаётган “фойдаланувчи тўлайди” тизимини жорий этиш зарурлиги таъкидлаган.

Йиғилишда автотранспортда халқаро юк ташувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда халқаро юк ташувчи транспортлар сони 3 баравар ошгани, юкларни ташишда маҳаллий корхоналарнинг ташқи савдодаги улуши 37 фоиздан 48 фоизга етгани урғуланган.

Маҳаллий ташувчиларнинг қатновлар сонини янада ошириш, ташқи савдода уларнинг улушини 60 фоизга етказиш чора-тадбирлари белгиланган. Битта юк транспорти беш нафаргача аҳоли бандлигини таъминлаши, бу тармоқда 30 мингта янги иш ўрни яратиш мумкинлиги қайд этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ички йўналишларда қатнайдиган автобусларни янгилаш, бундай корхоналарни барқарор молиявий ресурс билан таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилган.