Япония қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистонга 3 миллион доллар беради

Лойиҳа доирасида 3500га яқин аёл касбий таълим олиш имкониятига эга бўлади.

Япония ҳукумати Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтириш лойиҳасини амалга ошириш учун 3 миллион доллар маблағ ажратди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълум қилди.

Лойиҳа доирасида Фарғона, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида яшовчи 3500га яқин аёл касбий таълим олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари 300 та кичик ва ўрта корхонага бизнес юритиш учун маблағ олишга ёрдам беради, шунингдек, 1500 та янги иш ўрнини яратади.

Япония Ташқи ишлар вазирлиги ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) коронавирусга қарши кураш учун Ўзбекистонга тиббий ускуналарни беғараз ёрдам шаклида тақдим этишни ҳам режалаштирмоқда.

Япония элчихонасининг хабар беришича, лойиҳа учун ажратилган 3 миллион долларни ҳисобга олганда, ёрдамнинг умумий қиймати 10 миллион долларга етиши ёки ундан ошиши мумкин.