Қийноқларнинг олдини олиш қўмитаси ташкил этилади

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова.

Ўзбекистонда тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида Қийноқнинг олдини олиш қўмитасини ташкил этиш назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова 29 май куни Тошкентда журналистлар учун ўтказилган брифингда билдирган.

Мулозимага кўра, қўмита тузиш режаси Ўзбекистон президентининг “Тезкор-қидирув, тергов ва жазони ижро этиш фаолиятида қийноқнинг олдини олиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида акс этган.

Лойиҳага кўра, ушбу қўмита ҳуқуқни муҳофаза қилувчи алоҳида орган, яъни инсоннинг қийноқдан ҳимоя қилишга доир конституциявий ҳуқуқини таъминлаш бўйича республика давлат бошқаруви органи сифатида ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга ошириши, шунингдек, ўз фаолиятида президент ва Олий Мажлис палаталарига ҳисоб бериши белгиланган.

Лойиҳада Қўмитанинг асосий вазифалари сифатида:

– жисмоний ва юридик шахсларнинг қийноққа доир мурожаатларини кўриб чиқиш;

– қийноқ ҳолатларига доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни амалга ошириш;

– жиноят ишини юритиш чоғида ушлаб турилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш;

– қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш, уларга ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш;

– қийноқ ҳолатлари содир этилишига шароит яратган мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ва жавобгарлик масаласи ҳал этилишини таъминлаш назарда тутилган.