15 суткага қамалган фарғоналик журналист 2 кунда қўйиб юбориладиган бўлди

Фарғоналик журналист Усмонжон Қодиров.

Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга алмаштирилди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирган.

Икки кун муқаддам У. Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, у Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида ниқоб тақмаганлик ва ИИБ ходимига қаршилик кўрсатганликда айбланган эди.

Газета. uz хабарига мувофиқ, кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини эътироф этган.

Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланган. Журналистга 29 май куни жавоб берилиши кутилмоқда. Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ харажатларидан ҳам озод қилинган.