Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги жанжалда камида 41 одам жароҳатлангани айтилди

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1 июнга ўтар кечаси Ўзбекистоннинг Сўх вилояти Чашма қишлоғидаги чегара ҳудудида чиққан жанжал оқибатида жароҳатланган 25 нафар фуқаро Ҳайдаркон шаҳар касалхонасига олиб келинганини билдирди.

Касалхонага олиб келинган қирғизистонликларнинг 4 нафари касалхонага ётқизилган, улардан икки нафарининг аҳволи оғир. Қолганларга тиббий ёрдам кўрсатилгач, уйларига қайтишга рухсат берилган.

Аввалроқ Озодликка можаро ҳақида хабар берган сўхликлардан бири жанжал оқибатида 16 нафар ўзбекистонлик турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганини билдирган эди. Аммо Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача бу маълумотни расман тасдиқламади ва рад ҳам этмади.

Бундан ташқари Ўзбек-Қирғиз чегарасидаги вазиятни икки давлат ҳамкорликда назорат қилишга келишиб олган.

Бу борада 31 май куни Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳаллий ҳокимиятлари расмийлари учрашувида қарор қабул қилинди.

Музокарада Ўзбекистон томонидан Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев ва Сўх туман ҳокими иштирок этган. Қирғизистон томонидан эса ҳукуматнинг Боткен вилоятидаги мухтор вакилининг биринчи ўринбосари Жаркинбай Максутов ва Қадамжой тумани ҳокими қатнашган.

Қадамжой тумани ҳокими Алгинбай Имаровнинг Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтишича, учрашувда томонлар чегарадаги вазиятни ҳамкорликда барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилган. Шу мақсадда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳамкорлиги режаси ишлаб чиқилган.