Арипов ва Бўрўнов чегарада учрашишди

Ўзбек ва қирғиз мулозимларининг чегара масканидаги сўзлашуви, 2020 йил 1 июни.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумати икки давлат чегарасида юз берган можаро юзасидан биргаликда текширув ўтказади. Бу ҳақдаги келишувга 1 июнь куни Боткен вилоятидаги “Чечме” назорат-ўтказиш масканида (Ўзбекистон томони "Чашма" НЎП) учрашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қирғизистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Қубатбек Бўрўнов ўртасида эришилган.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, Арипов ва Бўрўнов “ҳодиса юзасидан таассуф билдиришиб, вазиятни изга солиш учун биргаликда чора кўриш, эскалацияга йўл қўймаслик ва чегараолди ҳудудидаги тарангликни кетказиш бўйича фикрларини билдиришган”.

Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти Сўх тумани ва Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани турғунлари орасида 31 май куни жанжал юз бериб, икки мамлакат фуқаролари бир-бирларини тошбўрон қилганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Якшанба куни юз берган можаро чоғида ўнлаб одам жароҳатлангани айтилган.