Мирзиёев статистик маълумотларни таҳлил қилишда 20 йил аввалги дастурдан фойдаланилаётганини танқид қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда статистик кузатув маълумотларининг ярми қоғоз шаклида тўпланмоқда. Уларни таҳлил қилишда 20 йил аввал жорий этилган дастурий таъминотдан фойдаланилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев миллий статистика соҳасини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича 1 июнь куни ўтказилган йиғилишда билдирди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда ҳудудлар ва тармоқлар статистикасини ўзаро мувофиқ шакллантириш, уларни ягона халқаро статистика тизими билан уйғунлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Ишсизликни аниқлашни Халқаро меҳнат ташкилоти стандартларига тўлиқ мослаштириб, сўров ўтказиш тартибини такомиллаштириш ва қамровни кенгайтириш зарурлиги таъкидланган.

Соғлиқни сақлаш тизимида касалликларни даволаш харажатлари бўйича халқаро ҳисоб механизми жорий этилиши белгиланган. Мирзиёевга кўра, бусиз тиббий суғуртани амалиётга киритиб бўлмайди.

Йиғилишда Вазирлар Маҳкамаси, Давлат статистика қўмитасига таълим, қишлоқ хўжалиги, ташқи савдо, транспорт, қурилиш, экология, туризм ва яна қатор соҳалар статистикасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган.

Давлат идораларининг статистикани шакллантириш жараёнини аудит қилиш бўйича ҳам кўрсатма берилган.

Жаҳон маълумот базаларида Ўзбекистоннинг тармоқ индикаторлари тўлиқ акс этмагани ачинарли ҳол экани урғуланиб, шу муносабат билан мутасаддиларга меҳнат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, таълим каби соҳалар бўйича халқаро базаларда мамлакат кўрсаткичларини тўкис акс эттириш юзасидан топшириқлар берилган.

Бундан ташқари, йиғилишда солиқ ва статистика идоралари ўртасида автоматлашган ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали инфляцияни ҳисоблаш харажатларини кескин қисқартириш мумкинлиги таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, тармоқнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда дастурий таъминотни янгилаш, солиқ, меҳнат, молия соҳаларида статистик маълумотларни йиғиш ва қайта ишлашнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.

Ш. Мирзиёев йиғилиш чоғида аҳолини рўйхатга олиш статистикани шакллантиришда асосий манба экани, бунга ҳозирдан пухта тайёргарлик кўриш кераклигини ҳам урғулаган.

Қайд этилишича, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Президентнинг 2019 йил 5 февралидаги фармонида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган эди. Жорий йил 16 мартида эса “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.