Меҳнат вазири: Коронавирус оқибатида ишсизлар сони 2 миллионга яқинлашди

Вазирнинг таъкидлашича, карантин оқибатида 550 минг ўзбекистонлик хорижга ишлаш учун чиқиб кета олмай қолган.

Ўзбекистонда коронавирус оқибатида ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди. Бу ҳақда 7 июнь куни Тошкентдаги Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги йиғилишида бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди.

Вазирга кўра, коронавирус пандемияси бошланишидан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 минг кишига яқин бўлган.

-Пандемия бошлангач қатор корхоналар фаолияти тўхтатилди ва ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди, - деди Нозим Ҳусанов.

Вазирнинг таъкидлашича, карантин оқибатида чегаралар ёпилгани муносабати билан 550 минг ўзбекистонлик хорижга ишлаш учун чиқиб кета олмай қолган. Айни пайтда хориждан қайтган меҳнат муҳожирларини иш била таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳар Сергели туманидаги қурилиш ишларига хориждан қайтган 1,5 мингга яқин ўзбекистонлик ишга олинган.

Вазирнинг айтишича, ижтимоий объектларни қуриш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 3,6 триллион сўм маблағ ажратилган. Ҳар бир вилоятда 50-60тадан мана шундай объект қурилади ва бу ишларга хориждан қайтганларни жалб қилиш назарда тутилмоқда.

Аввалроқ Bloomberg агентлиги Халқаро валюта фонди Ўзбекистонда жорий йилда ишсизлик даражаси 16,5 фоизга етиши мумкинлигини билдиргани ҳақида хабар берган эди.

Хабарда айтилишича, аввалроқ Ўзбекистонда ишсизлик жорий йилда 8,9 фоизга етиши прогноз қилинган. Агентликнинг ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати ишсизлик кўрсаткичини расман бундан озроқ қилиб кўрсатмоқда.