Қибрай, Зангиота ва Тошкент туманларига пойтахтдан ҳозирча автобус қатнамайди

Тошкент вилоятининг “қизил” ҳудуд деб эълон қилинган Қибрай, Тошкент ва Зангиота туманларига пойтахтдан қатнайдиган автобуслар ҳозирча фаолият юритмайди. Булар 21 йўналишда (8т, 9, 16, 25, 42, 56, 65, 74, 84, 101, 103, 115, 120, 134, 135, 144, 145, 148, 188, 198, 199) қатнайдиган автобуслардир. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилади.

Қайд этилишича, 8 июндан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибига кирувчи автокорхоналар томонидан Тошкентда 131 та йўналиш бўйлаб автобуслар ишга чиқарилган.

Фаолияти қайта тикланадиган йўналишларнинг ҳаракати, Республика махсус комиссия қарорига кўра, соат 6:00 дан 22:00 гача ташкил қилинади.

Ҳокимлик хабарномасида ҳар бир йўналишнинг сўнгги бекатида автобусларни доимий равишда ҳар бир қатновга жўнашдан олдин тўлиқ дезинфекция қилиниши, ҳайдовчилар тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминланиши ҳамда автобуслар салонига фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчиларни киритилиши урғуланган.