18-қурбон: Тошкентда коронавирусга чалинган 76 ёшли отахон оламдан ўтди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 76 ёшли эркак коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

ССВ маълумотига кўра, беморнинг 28 май куни коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланиб, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.

31 май куни унинг аҳволи оғирлашиб, реанимация бўлимига ўтказилган. Реанимацион муолажаларга қарамасдан, сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирусга чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 18 нафарга етган.

Айни пайтда вазирлик марҳумнинг турмуш ўртоғи, фарзанди ва набираларида ҳам COVID-19 инфекцияси тасдиқлангани, уларга врачлар назорати остида даволанаётганини билдирган.

ССВ қайдича, 2020 йил 8 июнь соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 4440 нафарга етган, улар орасидан 3357 нафар бемор соғайиб кетган.