Навоийда йиғиладиган Хитой автомашиналарининг нархи камида 13 минг доллар бўлади

Хитойнинг Oshan машиналари Navoiy – motorsда йиғилади.

Навоийда йиғиладиган Хитой автомобилларининг нархи 13 минг доллардан 30 минг долларгача бўлади. Бу ҳақда Navoiy – motors корхонаси раҳбари Шерзод Мўминов маълум қилди.

Унга кўра, Навоийда Navoiy – motors Ўзбекистон-Австрия қўшма корхонасини қуриш ишлари давом этмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 12 миллион долларни ташкил қилади.

Корхона Хитойнинг Oshan бренди остида ишлаб чиқариладиган автомобилларни йиғишга ихтисослашади.

– Айни пайтда завод қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Йил якунига қадар мазкур ишлар тўлиқ якунланиб, автомобиллар йиғиш ва сотиш ишларини ҳам бошлаб юбориш кўзда тутилган. Автомобиллар нархи тахминан 13 минг АҚШ долларидан 30 минг АҚШ долларигача бўлиши кутилмоқда, -деб билдирган Шерзод Мўминов.