Ўзбекистон олтин заҳираси бўйича дунёда 17-ўринда

Жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон 1 миллиард 550 миллион долларлик олтин сотди.

Ўзбекистон олтин заҳираси бўйича Саудия Арабистонини ортда қолдириб, жаҳон давлатлари орасида 17-ўринга чиқди. “Дунё” агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда World Gold Council (Жаҳон олтин кенгаши) ҳисоботида қайд этилган.

“Жаҳон олтин кенгашининг 2020 йил 1 июндаги ҳисоботига кўра, 335,9 тонна олтин захирасига эга Ўзбекистон дунёда 17-ўринда турибди. Бу мамлакат валюта захирасининг 59,1 фоизини ташкил этади, дейилади ҳисоботда. Ундан кейинги ўринда Саудия Арабистони (323,1 тонна, 3,4 фоиз)”, - дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатда таъкидланишича, олтин заҳираси бўйича дунёдаги биринчи ўринни АҚШ эгаллаб турибди - 8 133,5 тонна, иккинчи ўринда - Германия (3 363,6 тонна), учинчида эса - Халқаро валюта жамғармаси (2 814,0 тонна).

Давлат статистика қўмитасининг 20 майда хабар қилишича, жорий йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистон 1 миллиард 550 миллион долларлик олтин сотди. Мазкур даврдаги олтин савдоси Ўзбекистоннинг экспортидаги улушнинг 35,3 фоизга тенг бўлди.

2019 йилда Ўзбекистон 4 миллиард 900 миллион долларлик олтин экспорт қилган эди. Ўтган йилда ўзбек экспорти таркибидаги олтин улуши эса 27,3 фоизни ташкил этган.

Олтин экспорти 2015 йилда 823,9 миллион доллардан, 2016 йилда 738,2 миллион доллардан, 2017 йилда 1,6 миллиард доллардан, 2018 йилда 2,91 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилган.

2019 йилнинг апрель ойида Ўзбекистон Марказий банки 2019 йилда хорижга 80 тонна олтин экспорт қилиш режалаштирилаётганини, бу ўтган йилга нисбатан 10 тоннага кўп эканини маълум қилган эди.

Ўтган йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон жаҳонда энг кўп олтин сотган давлат бўлди.