Сўнгги ўттиз йил ичида Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 42,2 фоизга кўпайди.
Пенсия жамғармасининг 11 июнда хабар беришича, 2020 йил 1 май ҳолатига 3 миллион 734 минг 230 киши пенсия ва нафақа олади. 1991 йил 1 январь ҳолатига кўра, уларнинг сони 2 миллион 158 минг 995 киши эди.
“Пенсия ва нафақа олувчиларни ҳудудлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг 13,3% и Тошкент шаҳрига, 12,3%и эса Навоий вилоятига тўғри келади. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Андижон вилоятларида 11%дан ортиқ ва Хоразм - 11,0% ни ташкил этади. Бошқа ҳудудларнинг 9% дан 10 %гача бўлган аҳолиси пенсия ва нафақа олувчиларга тўғри келади”,- дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон президентининг фармонларига асосан 1991-2020 йилларда пенсия ва нафақаларнинг миқдори 64 маротаба оширилди. 1991 йил 1 январь ҳолатига пенсияларнинг ўртача миқдори 96 сўм 50 тийин бўлган бўлса, 2020 йил 1 май ҳолатига 747 480 сўмга етди.