Расман: Ўртача пенсия миқдори 747 минг сўмга етди

Uzbekistan - money

Ўзбекистонда пенсияларнинг ўртача миқдори, 2020 йил 1 май ҳолатига кўра, 747 480 сўмга етган. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу кунда Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 млн 734 минг 230 нафарни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич 1991 йил бошидаги кўрсаткичдан (2 млн 158 минг 995 нафар) 42,2 фоизга кўпдир.

Ҳудудлар кесимида эса пенсия ва нафақа олувчиларнинг 13,3 фоизи Тошкент шаҳрига, 12,3 фоизи Навоий вилоятига, 11 фоиздан ортиқроғи Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Андижон вилоятларига, яна 11 фоизи Хоразмга тўғри келади. Бошқа ҳудудларда пенсия ва нафақа олувчилар аҳолининг 9-10 фоизини ташкил қилади.

Пенсия жамғармаси 1991-2020 йиллар оралиғида Ўзбекистонда пенсия ва нафақаларнинг миқдори 64 маротаба оширилганини қайд этади.