ИИВ: Қийноққа солинган шахс ўлгани ортидан 3 ходим қамоққа олинди, 5 киши ишдан бўшатилди

32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмган.

Андижондаги ҳолат юзасидан уч нафар ички ишлар ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 206 -(мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234 -(Қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш) ва 235-моддалари (Қийноққа солиш) билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Беш киши лавозимидан бўшатилди ва 19 кишига интизомий жазо қўлланилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги 14 июнда хабар берди.

Вазирликнинг билдиришича, хизмат текшируви тайинланиб, 32 ёшли А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар аниқланган.

Текширув натижасида Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят-қидирув гуруҳи тезкор вакиллари — катта лейтенант Ф.Ҳусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган.

Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.

13 июнь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон шаҳар ИИБсининг уч нафар ходими мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, қонунга хилоф равишда ҳибсга олиш, гумонланувчини қийноққа солиш ҳамда шафқатсиз муомала қилишда айбланиб, қамоққа олинганини билдирган эди.

Озодлик радиоси 13 июнь куни шу йилнинг 30 майида Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага ётқизилган 32 ёшли А.Абдукаримов ​11 июнь куни ҳаётдан кўз юмгани тўғрисидаги маълумот ижтимоий тармоқларда пайдо бўлгани ҳақида хабар берган эди.