ОТМга кириш синовлари 1 августдан бошланади

ОТМга кириш имтиҳони (архив сурати).

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш синовлари 1 августдан бошланиши мумкин. Бу ҳақда Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев 15 июнь куни АОКАда 2020/2021 ўқув йили қабул жараёнини ташкил этиш юзасидан долзарб вазифаларга бағишланиб ўтказилган брифингда маълум қилган.

Б. Мусаев даставвал расмийлар тест синовларини 5 августдан бошлашни режалаганлари, кейинчалик бор имкониятларни ишга солиб, тест санасини 1 августга кўчиришга қарор қилганларини билдирган.

Ўзбекистонда ОТМга кириш учун тест синовлари ҳар йили одатда 1 августдан бошланади.

Мамлакат президентининг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 103 минг 575 нафар, сиртқи таълим шаклига 31 минг 350 нафар, кечки таълим шаклига 5 минг 25 нафар, магистратурага эса 10 425 нафар талаба қабул қилиниши режаланган.