Давлат активларини бошқариш агентлиги ташкил этилганидан бери давлатга тегишли 1187 та актив сотилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги сотиладиган активларни “E-Auksion” электрон савдо майдончасида кимошдига қўяди.

Ўзбекистонда Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) ташкил этилган 2019 йил январидан буён ўтган давр мобайнида давлатга тегишли бўлган 1187 та актив сотилган. Бу ҳақда мазкур агентлик фаолиятининг биринчи йили якунларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, жорий йил бошидан шу кунга қадар жами 352 та давлат активи, шу жумладан 77 та жамият акциялари ва 275 та кўчмас мулк объектлари 2,9 трлн сўм қийматда 1,0 трлн сўм инвестиция киритиш ва 4,3 минг иш ўрни яратиш шарти билан савдога чиқарилган. Шу давр мобайнида 359 та давлат активи 391,2 млрд сўмга (шундан 294 таси 3,2 трлн сўм инвестиция киритиш ва 5,1 минг иш ўрни яратиш шарти билан) инвесторларга сотилган.

“Инвестиция мажбурияти билан сотилган 1327 та, шу жумладан жорий йилда сотилган 223 та давлат активи бўйича мониторинг ўрнатилган бўлиб, ушбу объектларга ўтган давр мобайнида 1,1 трлн. сўм инвестиция киритилди, 266 та объект ишга туширилиб, 8,4 минг иш ўрни яратилди”, дейилади агентлик хабарномасида.

Айтилишича, Ўзбекистонда зарар кўриб ишлаётган 84 та корхонадан 46 таси хусусий секторга сотилиб, 18 таси соғломлаштирилган ва 6,3 млрд сўм соф фойдага эришилган. Давлат бюджетига жами 1,4 трлн. сўм (15,5 баробар кўп) маблағ туширилган. Жумладан, хусусийлаштиришдан 113,1 млрд сўм, давлат иштирокидаги корхоналар тўланган дивидендлардан 1,3 трлн сўм, давлат мулкларини ижарага беришдан эса 6,6 млрд сўм пул туширилган.