Хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга кредит ажратилади

Кредит маблағларининг камида 20 фоизи аёллар ва ёш тадбиркорларга ажратилади.

Хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда кредит берилиши мумкин. Бу ҳақда президент 16 июнда имзолаган “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарорда таъкидланди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, қарорга мувофиқ, хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банкларига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит ажратилади.

Кредит тижорат банкларига 7 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст қилиб берилади.

“Кредитлар хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорларга, айниқса маиший, таълим, тиббий, ахборот-коммуникация ва бошқа талаб юқори бўлган соҳаларда фаолият кўрсатадиган корхоналарни ташкил этиш (молия ва савдо соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари бундан мустасно) ва жиҳозлаш учун Марказий банкнинг асосий ставкаси бўйича 1 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади”, - дейилади расмий хабарда.

Вазирликнинг билдиришича, кредит маблағларининг камида 20 фоизи аёллар ва ёш тадбиркорларга ажратилади. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 67 та фаолият турлари бўйича “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратилади.