Парламент депутати ОТМга киришдаги ўринсиз имтиёзларни танқид қилди

Кириш имтиҳонини топшираётган фарзандларини ташқарида кузатиб ўтирган ота-оналар (архив сурати).

Ўзбекистон Конституциясида барча фуқаролар тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган. Демак, ота-онаси қаерда хизмат қилиши ёки фуқаронинг айрим ютуқларга эга бўлиши Конституцияда белгиланган меъёрдан устун қўйилиши мумкин эмас. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Мақсуда Ворисованинг Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайтида ёйинланган мақоласида айтилган.

Ворисова айрим абитуриентларга олий таълим муассасаларига киришда турли имтиёзлар берилишини савол остига олган.

Муаллифга кўра, нима учундир мактабни аъло баҳоларга битириб, олтин медаль соҳиби бўлган абитуриентга ҳеч қанақа имтиёз йўқ, лекин республика фан олимпиадалари ғолибларига имтиёз белгиланган. Депутат Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибалари учун олий таълимга имтиҳонсиз кириш имтиёзи берилгани юзасидан ҳам таажжуб изҳор қилган.

“Мудофаа ва ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимидаги ходимлар фарзандлари учун белгиланган имтиёзни ҳам тушуниш қийин. Шундоғам бу тизимлардаги ходимлар катта имтиёзларга эга. Энди уларнинг ҳисобидан фарзандларига ҳам имтиёз берилиши қанчалик ижтимоий адолат тамойилига тўғри келади? Айтайлик, оддий деҳқон ёки боғбоннинг ўқишни дунёдаги ҳамма нарсадан кўпроқ истайдиган қора кўз фарзанди кимларгадир имтиёз берилгани учунгина “йиқилса”, жамият, сиз билан биз унга адолатсизлик қилган бўлмаймизми? Бундай фарзандларнинг қалби синмайдими? Дили оғримайдими?..” дея савол ташлайди Мақсуда Ворисова.

Депутатнинг фикрича, қаерда ўринсиз имтиёз яратилса, ўша жойда коррупция, деган балога кенг эшик очилади.

“Шунинг учун ҳам узоқ ҳаёт йўлининг бошида турган фарзандларимизни коррупция оғуси билан суғормайлик, бошқаларини эса адолатсизлик билан ҳаётдан норози қилмайлик”, дея хулоса қилади мақола муаллифи.