Ўрта Чирчиқ "қизил" ҳудудга айланди, 4 та кўча ёпилди

Ўрта Чирчиқдаги 4 та ички кўчалар карантинга ёпилди.

27 майдан бери "сариқ" ҳудуд бўлиб келган Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “қизил” ҳудудга айланди.

“Тошкент вилоятида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўрта Чирчиқ тумани 20 июнь ҳолатига «қизил» ҳудуд, деб белгиланди”, - дейилади Тошкент вилоят ҳокимлиги расмий хабарида.

Хабарда айтилишича, Тошкент шаҳри Бектемир туманидаги вино заводида ишловчи 5 нафар ўртачирчиқлик фуқарода инфекция аниқлангани боис, ҳозирда уларнинг хонадонлари қатъий назоратга олинган. Шунингдек, улар билан мулоқотда бўлганлар ҳам тиббий кузатув остида.

Шунингдек, Ўрта Чирчиқдаги 4 та ички кўчалар карантинга ёпилди. Ушбу кўчаларда ҳаракатланиш тақиқланди.

Бундан ташқари, йўл ёқалари ва кўзга кўринарли жойларга “қизил ҳудуд” белгилари ўрнатилди.