Turkish Airlines Ўзбекистонга парвозларни қайта тиклади

Рейслар ҳафтасига 4 кун амалга оширилади.

Turkish Airlines 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга авиарейсларни қайта йўлга қўяди. Бу ҳақда ширкат расмий сайтида маълум қилинди.

Билдирилишича, Истанбулдан Тошкентга - сешанба, чоршанба, шанба ва якшанба кунлари Тошкентдан Истанбулга - душанба, сешанба, жума ва шанба кунлари парвозлар бўлади.

11 июнь куни Uzbekistan Airports АЖ матбуот хизмати хорижда фаолият юритувчи авиаширкатларнинг 20 дан зиёди Ўзбекистон билан халқаро парвозларни тиклашга ҳозирлигини билдиргани ҳақида хабар берганди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан ҳаво алоқасини тиклаш истагини билдирганлар орасида Turkush Airlines, Fly Dubai, Korean Air, Asiana, Air Astana, Aeroflot, Сибирь ва шу каби қатор авиаширкат вакиллари бор.

Онлайн-конференция шаклида ўтказилган музокараларда пандемия ва ундан кейинги ҳолатларда хорижий авиаширкатларнинг ўзаро парвозларни қайта тиклаш ва самарали йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинган.