Кичик бизнес вакиллари 332,8 млрд. сўмлик солиқлардан озод қилинади

Кичик тадбиркорлик субъектларига бундай имтиёз президент фармони асосида берилмоқда.

Кичик бизнес мол-мулк ва ер солиғидан озод қилинади. Бу ҳақда АОКАда 23 июнда бўлиб ўтган брифингда Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар Юсуф Назаров маълум қилди.

“Бугунги кунда мамлакат бўйича имтиёзга эга бўлган 142,5 мингта кичик бизнес вакиллари мавжуд бўлиб, улар 332,8 млрд. сўмлик солиқлардан озод бўлади. Бу сумма икки турдаги — мол-мулк ва ер солиғи ҳиссасига тўғри келади”, - деб айтди расмий.

Унга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларига бундай имтиёз президент фармони асосида берилмоқда.

Назаровнинг билдиришича, кичик тадбиркорлик субъектларининг апрель-май ойлари учун тўланиши лозим бўлган мол-мулк ва ер солиғи суммаларидан воз кечилди. Натижада 2 422 та солиқ тўловчининг 123 миллиард сўм миқдоридаги кечиктирилган солиқларни тўламайдиган бўлди.

2020 йил 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 %дан 1%гача пасайтирилди.

“Натижада 1 млн. 681 минг 769 та иш ўрни ташкил этилган 328 782 та микрофирмалар ва кичик бизнес субъектлари солиқ тўловчиларига солиқ юки камайтирилди”, -деди Назаров.

Микрофирма ва кичик корхоналарнинг айланма маблағлари камайишининг олдини олиш мақсадида солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш 2020 йил 1 сентябргача тўхтатилади.

Солиқ тўловчилар 2020 йил 15 май ҳолатига солиқ мажбуриятларини бажариш бўйича ижро этилмаган тўлов топшириқномаларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.