Коронавирусга чалинганлар сони 7,5 мингга яқинлашди

26 июнда кун давомида 250 кишида коронавирус топилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 27 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 7490 нафарни ташкил этмоқда. Бу 26 июнь соат 23:00даги кўрсаткичдан 63 кишига кўпдир. Вазирлик 26 июнь куни жами 250 кишида коронавирус аниқланганини билдирган эди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 17 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 26 нафари Сурхондарё вилоятида (шундан 22 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 8 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 3 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 5 нафари аҳоли орасида), 7 нафари Сирдарё вилоятида (шундан 3 нафари хориждан кириб келган ва карантинга олинган фуқаролар орасида, 4 нафари аҳоли орасида), 3 нафари Бухоро вилоятида (шундан 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 1 нафари аҳоли орасида), қолган 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланган”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Айни пайтда коронавирусга чалинганлардан 5038 нафари соғайган. Шу кунгача беморлардан 20 нафари вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 2433 нафар бемор даволанмоқда.Улардан 20 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда.