Коронавирусга чалинганлар сони 7551 нафарга етди

Шу кнгача коронавирусга чалинган 5063 нафар бемор соғайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 27 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 7551 нафарни ташкил этмоқда. Бу эрталабки соат 10:00даги маълумотдан 61 кишига кўпдир.

Вазирлик 27 июнь куни соат 10:00 ҳолатига кўра, 63 кишида коронавирус аниқлангани ҳақида билдирганди. Ҳисоб-китоб қилинадиган бўлса, сўнгги 7 соат ичида 124 кишида коронавирус аниқланди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 38 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 22 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 10 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 12 нафари аҳоли орасида), 1 нафари Тошкент вилоятида аҳоли орасида қайд этилган”, -дейилади вазирлик билдирувида.

Айни соатларда Хоразм вилоятида 18 нафар, Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, жами 25 нафар коронавирусга чалинган бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди.

Шу кунгача коронавирусга чалинган 5063 нафар бемор соғайди, 20 бемор вафот этди.

Ҳозирда касалхоналарда 2468 нафар бемор даволанмоқда. Вазирлик эрталабки соат 10:00 ҳолатига кўра, беморлардан 20 нафари оғир, 8 нафари ўта оғир аҳволда эканини билдирган.