Коронавирусга чалинганлардан 25 нафарининг аҳволи оғир

Айни пайтда коронавирусдан 5329 нафар бемор соғайди.

Ўзбекистонда 29 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 8031 нафарни ташкил этмоқда. Бу 28 июнь соат 23:30 ҳолатига нисбатан 83 кишига кўпдир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

“Янги касалланиш ҳолатларининг 47 нафари Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 32 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 18 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 14 нафари аҳоли орасида), 4 нафари Жиззах вилоятида (барчаси аҳоли орасида) аниқланган”,- дейилади хабарда.

Айни пайтда коронавирусдан 5329 нафар бемор соғайди ва тузалиш кўрсаткичи 66 фоизни ташкил қилди.

Ҳозирда касалхоналарда 2680 нафар бемор даволанмоқда. Улардан 19 нафари оғир, 6 нафари ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 28 июнда 266 одамда коронавирус аниқлангани ва беморлардан икки нафари вафот этганини билдирган эди. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 22 кишига етди.