Москва-Тошкент чартер рейсига рўйхатга олиш бошланди

Парвозга консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 30 июнь куни амалга ошириладиган Тошкент-Москва-Тошкент чартер рейсига фуқароларни рўйхатга олиш бошланганини билдирди.

“Парвозга консуллик муассасалари томонидан фуқаролар рўйхатга олинади ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпаниясига тақдим этилади ва ушбу рўйхат асосида фуқаролар самолёт бортига киритилади”, - дейилади расмий билдирувда.

Таъкидланишича, рўйхатга биринчи навбатда беморлар, ёш болали ва ҳомиладор аёллар ҳамда бекор қилинган доимий авиақатновларга чипта харид қилган фуқаролар тиркалади.

Чипталарни парвоздан 4 соат олдин хорижий мамлакатларнинг халқаро аэропортларидаги Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг кассаларидан олиш мумкин бўлади.

“Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар ўз хоҳишига кўра 14 кунлик карантин муддатини давлат томонидан бепул таъминланадиган карантин марказларида ёки пуллик меҳмонхонада ўтказиши мумкин”, -дейилади хабарда.

29 июнь куни Сеул – Тошкент – Сеул ва Тошкент – Истанбул – Тошкент чартер рейслари амалга оширилади.