Forbes.uz Саида Мирзиёевани ўзбекистонлик машҳур блогерлар сафида санади

Саида Мирзиёева.

Forbes.uz нашри Ўзбекистондаги энг машҳур 15 нафар блогерлар рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатда Telegram тармоғида ўз каналига эга бўлган Хушнудбек Худойбердиев, Қобил Хидиров, Даврон Файзиев, Хайрулла Ҳамидов, Нурбек Алимов, Ўзбекистон президентининг қизи Саида Мирзиёева, Нозимжон Сафаров, Абдуназар Чориевич, Диёр Имамхўжаев, Шохрух (реппер) Шодмонов, Фарҳод Файзуллаев, Никита Макаренко, Беҳзод Ҳошимов, Муҳрим Ағзамхўжаев, Шаҳзод Эргашалиев ва Фахрулло Ҳамидуллаевлар исми келтирилган.

Нашр рейтинг тузилишида uz.tgstat.com маълумотларидан фойдаланилгани, унга янгилик-хабар ва тематик каналлар киритилмаганини билдирган.

Айни пайтда ўзбекистонлик блогерлар рейтингининг бу йўсинда тузилиши ҳаммага ҳам маъқул келди, деб бўлмайди. Хусусан, таржимон Аҳрор Шарипов Телеграмдаги ўз каналида рейтингга Умид Ғафуров, Отабек Бакиров, Темурмалик Тожиддинзода, Дима Қаюм, Зафар Солижонов каби таниқли блогерлар номи киритилмаганига эътироз билдирган.

Рости, юқорида келтирилган блогерлардан 3 тасини умуман танимайман. Биттасини фақат қўшиқларини эшитаман ва яна бир "блогер"ни шунчаки президентнинг қизи деб биламан. Уларнинг бешаласини ҳам блогер сифатида қабул қилмайман. Балки, қонун бўйича, интернетда саҳифаси бор ҳамма блогер деган гапга кўра, улар блогер бўлиши мумкин. Aммо топ-15 эмас”, дея ўз мулоҳазасини баён қилади Аҳрор Шарипов.

Forbes.uz рейтингида ўзбекистонлик машҳур блогерлар қаторида саналган Саида Мирзиёева айни пайтда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Мазкур фонд вакиллари, ўзларининг эътирофларича, Ўзбекистонда журналист ва блогерларни қўллаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон имижини янада яхшилашни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.