Авиачипталарни қайтарган мижозларга 5 фоизли бонус берилади

Депозит ваучерлар 1 июлдан расмийлаштирилади.

Uzbekistan Airways 1 июлдан авиачипталар учун тўланган суммалар қайтарилишининг янги қоидалари амалга киритилганини хабар қилди.

Йўловчилар томонидан авиачипталар ва қўшимча хизматлар учун 2020 йил 31 декабргача тўланган суммани қайтаришни таъминлаш учун 2020 йил 1 июлдан депозит ваучерларни расмийлаштириш амалга оширилади.

Депозит ваучерини расмийлаштириш жараёнида қайтарилиши лозим бўлган чипта нархи суммасига қўшимча равишда 5 фоизга тенг бонус тақдим этилади.

“Депозит ваучерлари уларни расмийлаштириш санасидан бошлаб йил давомида йўловчилар томонидан Uzbekistan Airways АЖнинг рейсларидаги ҳар қандай бошқа ташув тўловлари ёки қўшимча хизматлар тўловлари учун фойдаланилиши мумкин”, — дейилади компания хабарида.

Ваучерни расмийлаштириш санасидан бир йил ўтиши билан депозитнинг фойдаланилмаган суммаси йўловчига дастлабки тўлов шаклида қайтарилади.