АҚШ Ўзбекистонга деярли икки миллион долларлик инсонпарварлик ёрдами кўрсатмоқда

Иллюстратив сурат. 30 июнда АҚШдан 600 минг долларлик ёрдам келди.

Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги 2 июль куни АҚШнинг Project Hope саҳоват ташкилоти Тошкентга 600 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида хабар берди.

Хабарда айтилишича, мазкур юк Тошкент халқаро аэропортига 30 июнда етиб келган. Ёрдам хусусий тиббий ҳимоя воситалари, антисептиклар, дезинфекция маҳсулотлари, коронавирусни аниқлаш учун 20 мингта тест ва тиббий ускуналардан иборат.

Бундан ташқари июль ойида АҚШнинг Globus Relief нодавлат ташкилоти Юта штатининг Солт-Лейк-Сити шаҳридан Ўзбекистонга 800 минг долларлик инсонпарварлик ёрдами жўнатиши кутилмоқда. Мазкур ёрдам 2 минг турдаги дори-дармонлардан иборат бўлиб, у иккита контейнерда Тошкентга келтирилади.

Агентликнинг билдиришича, АҚШнинг ADRA ташкилоти Ўзбекистонда муҳтож оилаларга ун, гурунч, ўсимлик мойи, дукакликлар, туз, шакар ва гўштдан иборат озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатмоқда. Бу ёрдамнинг миқдори 400 минг долларни ташкил қилади.

“Барча озиқ-овқат маҳсулотлари юқори сифатли бўлиб, улар Ўзбекистондаги супермаркетларда сотиб олинмоқда ва барча вилоятларда, жумладан, май ойида сув тошқинидан зарар кўрган Сирдарё вилояти аҳолисига ҳам тарқатилмоқда”, -дейилади хабарда.

Ўзбекистонга 1 миллион 800 минг долларлик гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Вашингтондаги элчихона АҚШ нодавлат ташкилотлари билан келишгани билдирилди.