34-ўлим: Тошкентда коронавирусга чалинган яна бир бемор вафот этди

Тошкентда бир кунда коронавирусдан уч киши вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 6 июлда билдиришича, Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, коронавирусга чалингани аниқланган 49 ёшли Н.У., (аёл киши) 5 июнь куни ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Вазирликнинг билдиришича, у “бир неча кун давомида тана ҳароратининг кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамасдан шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмаган”.

Жорий йил 3 июль куни бемор хусусий клиникада коронавирусга таҳлил топширган. Шу куни аҳволи оғирлашганлиги сабабли 7-сон шаҳар клиник шифохонасининг реанимация бўлимига ётқизилиб, сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

“Унга “Икки томонлама пневмония, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, кома I” ташхиси қўйилган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи малакали шифокорлар томонидан доимий назоратга олинган. Бироқ шифокорларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

Н.У., 5 июль куни Тошкентда коронавирусдан вафот этган учинчи бемор бўлди. Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 июль куни Тошкентда икки киши - 45 ёшли эркак ҳамда 71 яшар аёлнинг коронавирусдан вафот этганини хабар қилган эди.