35-ўлим: Тошкентда сўнгги бир кунда тўрт бемор вафот этди

Аввалроқ Тошкентда уч киши вафот этгани хабар қилиган эди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи 67 ёшли Л.М., (эркак киши)коронавирус оқибатида вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июлда хабар берди.

Билдирилишича, Л.М., 26 июндан томоғида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилган, аммо шифокорга мурожаат қилмасдан уйида даволанган. 1 июль куни эса йўтали кучайиб, нафас сиқиши белгилари пайдо бўлгач, тез ёрдам чақирган ва тез тиббий ёрдам машинасида Тошкент шаҳар 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига олиб борилган.

Шу куни ундан “COVID-19” инфекциясига таҳлил олиниб, зудлик билан реанимацион муолажалар бошланган. Беморга ўткир миокард инфаркти, икки томонлама пневмония, нафас етишмовчилигининг 2-даражаси, юрак ишемик касаллиги, гипертония касаллиги” ташхиси қўйилган. Унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

“Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди”, -дейилади хабарда.

5 июль куни Тошкентда уч киши - 45 ёшли эркак, 71 ва 49 ёшли аёлнинг коронавирусдан вафот этгани хабар қилинган эди.