Марғилон шаҳрида Туркия университети филиали очилади

Бурса Улудағ университети сайтидан скриншот.

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида Туркиянинг Бурса Улудағ университети филиали очилади. Бунга оид музокаралар, “Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси, Савдо-саноат палатаси ҳамда Туркия Республикасининг Бурса вилояти ҳокимлиги, Бурса Улудағ университети проректори, Бурса савдо-саноат палатаси вакиллари иштирокида куни кеча онлайн видеоконференция шаклида бўлиб ўтган учрашувда олиб борилган.

Учрашув пайтида Марғилонда Бурса Улудағ университетининг текстиль муҳандислиги, пиллачилик саноати, ипак қурти зоти дурагайларини яратиш, тўқимачилик маркетинги, дизайнерлик ва савдоси йўналишлари бўйича филиалини очиш юзасидан электрон битим имзоланган. Айни пайтда университет филиалининг қачондан очилишига аниқлик киритилмаган.

Тадбир чоғида ҳар томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида Бурса савдо-саноат палатаси ҳамда Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси билан яқин кунларда онлайн видеоконференция ташкил қилиш, вилоят раҳбарлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган видеоконференция ўтказиш режаси ҳам муҳокама қилинган.