Коронавирус қурбонлари: Тошкентда 43 ёшли эркак оламдан ўтди

Ўзбекистон пойтахтининг Учтепа туманида яшаган ва коронавирус инфекциясига чалингани тасдиқланган 43 ёшли А. вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилган.

Қайд этилишича, у бир неча кун давомида тана ҳарорати кўтарилиши, томоғида оғриқ ва ҳолсизлик бўлишига қарамай, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилмасдан, уй шароитида даволаниб юрган.

Пульмонолог тавсиясига биноан 2 июль куни Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига юборилган беморга “икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги 2-даража, семизликнинг 3-даражаси” ташхиси қўйилган. Шунингдек, унда коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Вазирлик, шифокорларнинг тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этганини билдирган. Шу тариқа Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олгани ортидан вафот этганлар сони 36 нафарга етган.