Қатор объектлар камида уч ҳафтага ёпилади

Республика махсус комиссияси қарори билан 1 августгача парклар ҳам ёпилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда эпидемиологик вазият оғирлашгани муносабати билан Республика махсус комиссияси бир қатор объектлар фаолиятини тўхтатишга қарор қилди.

Қарорга мувофиқ, қуйидаги объектлар фаолияти камида 1 августгача тўхтатилади:

  • парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар;
  • буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар;
  • спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар;
  • ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар;
  • умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно);
  • санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканлари.

Айни пайтда Республика махсус комиссияси халқаро авиақатновлар ва юк ташувлар билан боғлиқ янги тартибларни ҳам жорий қилмоқда.

Янги тартибга кўра, халқаро авиақатновлар хорижий давлатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилган ҳолда икки бараварга қисқартирилади. Шунингдек, халқаро юк ташувларни амалга оширадиган автотранспорт воситалари ҳайдовчилари мажбурий равишда коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича тест топширади.