Янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимига Алишер Саъдуллаев тайинланди

Алишер Саъдуллаев.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан шу йил 10 июлида имзоланган қарор билан Саъдуллаев Алишер Зафар ўғли Ёшлар ишлари агентлиги директори лавозимига тайинланган. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” Телеграм-канали маълумот тарқатди.

А. Саъдуллаев янги лавозимга тайинланиши муносабати билан президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Ўтган ой охирида президент Ш.Мирзиёев фармони билан Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги тузилганди.

Алишер Саъдуллаев Ўзбекистон тарихидаги энг ëш вазир ўринбосари сифатида тилга тушган. 2017 йили Шавкат Мирзиëев ўша пайтда 23 ёшда бўлган А. Саъдуллаевни Халқ таълими вазирига ўринбосар этиб тайинлаган эди.

Президентнинг 2018 йил 25 октябридаги қарори билан бу лавозимдан озод этилган Саъдуллаев кўп ўтмай Ёшлар иттифоқи раисининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланганди.