Коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 10 мингдан ошди

Самарқанддаги Карантин маркази, 2020 йил майи.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 23 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 18868 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Пайшанба куни мамлакат бўйлаб 489 та касаллик ҳолати қайд этилган, улардан 54 нафари Карантин муассасаларида, 435 нафари тана ҳарорати кўтарилганлиги туфайли профилактика мақсадида ва вирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлган кишилар орасида аниқланган.

Ўтган кеча-кундузда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Сирдарё, Наманган, Навоий, Жиззах ҳамда Қашқадарё вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида жами 277 нафар бемор соғайган. Соғайганларнинг умумий сони эса, ССВ маълумотига кўра, 10149 нафарга етган.

Қолган 8617 нафар бемордан 118 нафарининг аҳволи оғир, 30 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.