Қарши шаҳрига транспорт кириш-чиқиши чекланди

Қашқадарёда вилоят махсус комиссияси қарори билан карантин чекловлари кучайтирилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йил 27 июль соат 00:01 дан бошлаб 15 августгача вилоятда қуйидаги қўшимча чекловлар жорий қилинади:

Қарши шаҳрига барча турдаги транспорт воситаларининг кириши ва ҳаракатланиши (фуқароларнинг саломатлиги ёмонлашганлиги, ҳомиладорлиги муносабати билан шифокор кўригидан ўтиш учун даволаш муассасасига ёхуд зарур дори-дармон харид қилиш мақсадида дорихонага бориш-келиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш, ташиш билан шуғулланувчилар, қурувчи ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларига тегишли жиҳоз, хом-ашё материалларини ташишга мўлжалланган автомашиналари бундан мустасно) чекланади.

Қарши, Шаҳрисабз шаҳарлари ва туманлар марказларида хизмат кўрсатаётган йўналишсиз такси автомашиналари сони 3 бараваргача қисқартирилади.

Республика махсус комиссиясининг жорий йил 16 июлидаги йиғилиш баёни талабларига қатъий риоя қилган ҳолда вилоятдаги рўйхатга олинган ваколатли транспорт ташкилотлари томонидан аниқ давлат рақами кўрсатилиб, рухсат берилган йўналишсиз такси автомашиналаригина ҳаракатланади.

Вилоят транспорт бошқармаси ва вилоят Санитария-эпидимиологик назорати маркази йўналишсиз таксиларга ҳар 4 соатда дезинфекция қилишни қатъий назоратга олиш мақсадида махсус дезенфекциялаш нуқталарини ташкил этиш ва дезенфекциялашни рўйхатга олиш мезанизимини шакллантиради.