Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги бўш ўринларни пенсионерлар ва ОТМ битирувчилари ҳисобидан тўлдирмоқчи

Ўзбекистонда қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникалардаги мавжуд кичик ва ўрта тиббий ходимлар вакант жойлари тиббиёт таълим муассасалари битирувчилари, пенсионерлар ва бошқа тиббиёт мутахассислигига эга бўлган шахслар орасидан тўлдирилади. Бу ҳақда президент Ш. Мирзиёев томонидан имзоланган “Коронавирус пандемиясини юмшатиш, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва саломатлигини сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида айтилган.

Фармонга мувофиқ, карантин тадбирлари якунига қадар барча тиббиёт ОТМларининг давлат гранти асосида таҳсил олган битирувчилари 1 йилгача бўлган муддатга вазият оғир бўлган ҳудудларга жалб қилинади.

Шунингдек, Ўзбекистондаги ОТМларнинг “Биология” таълим йўналишини тугатган битирувчилар Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази, Тошкент тиббиёт академияси ва уларнинг ҳудудий филиаллари, Андижон, Бухоро ва Самарқанд тиббиёт институтларида вирусология лабораториясининг врач-лаборанти мутахассислиги бўйича онлайн тарзда бир ойлик қайта тайёрлаш курсларини ўтайди.