Тошкентда яна 5 нафар бемор вафот этди, улардан икки нафари ҳомиладор аёл бўлган

Ўзбекистонда 28 июль куни коронавирус инфекциясига чалинган яна 5 нафар бемор вафот этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, оламдан ўтганларнинг ҳаммаси пойтахт Тошкентдан бўлган.

Хусусан, Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшаган 34 ёшли Ш.М. (ҳомиладор аёл), Тошкентда яшаган 50 ёшли Р.Д. (эркак), яна пойтахтлик 61 ёшли М.М. (эркак), Тошкентнинг Олмазор туманида яшаган 40 ёшли М.К. (ҳомиладор аёл) ва яна Олмазор туманида яшаган 73 ёшли У.Т. (аёл) нинг коронавирус инфекцияси юқтириб олгани тасдиқланган. Уларнинг тўрт нафарида ҳамроҳ хасталиклар ҳам бўлган.

ССВ қайдича, шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай, улар оламдан ўтган. Шу тариқа Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалингани ортидан ҳаётдан кўз юмганлар сони 126 нафарга етган. Аммо норасмий манбалар асл рақамлар бундан баланд бўлиши мумкинлигини қайд этмоқдалар.