АҚШ Ўзбекистонга 900 минг долларлик тиббиёт воситалари ва жиҳозлар ҳадя қилди

АҚШ вакиллари томонидан ўзбекистонликларга тақдим этилган ёрдам юки, Тошкент, 2020 йил 28 июли (АҚШ элчихонаси фотоси).

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси марказлари (CDC) 28 июль куни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қиймати 902 минг долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Элчихона қайдича, тақдим этилган воситалар замонавий полимераз занжир реакцияси ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25000 та COVID-19 тестини ўтказишга имкон беради.

“Ушбу технология одам организмида вирусли ДНК мавжудлигини касаллик белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлайди, бу эса соғлиқни сақлаш муассасаларига беморни жуда эрта изоляция қилиш ҳамда пандемияни тугатиш учун муҳим бўлган юқиш занжирини узишга имкон беради”, дейилади хабарномада.

Мазкур ёрдам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун CDC эълон қилган 2,07 миллион долларга тенг кўмакнинг бир қисми бўлиб ҳисобланади.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши кураш учун тиббий, лаборатория ва техник кўмак сифатида яна қўшимча қарийб 4,2 миллион доллар тақдим этган. Бугунги кунгача АҚШнинг бу борада Ўзбекистонга кўрсатган умумий ёрдами 6 миллион доллардан ошган.