Ўтган кеча-кундузда қарийб 750 бемор соғайди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2020 йил 30 июль соат 23:30 ҳолатига кўра, 23271 нафарни ташкил этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Пайшанба куни мамлакат бўйлаб 686 та касаллик ҳолати қайд этилган, уларнинг 58 нафари карантин марказидаги фуқаролар орасида, 628 нафари коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлар орасида аниқланган.

Айни пайтда кеча Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Андижон, Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Бухоро вилоятларида жами 743 нафар бемор соғайган. Бу Ўзбекистонда тузалганлар сони бўйича янги рекорд кўрсаткичдир. Соғайганларнинг умумий сони эса, ССВ маълумотига кўра, 13680 нафарга етган.

Қолган 9455 нафар бемордан 436 нафарининг аҳволи оғир, 181 нафарининг аҳволи эса ўта оғир экани айтилмоқда.