Озодлик мақоласи ортидан Фарғона ИИБ ўқитувчини қийноққа солганлар устидан текширув бошлади

Шуҳрат Жўраев Фурқат тумани Тиббиёт бирлашмасида кўрикдан ўтмоқда.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси Озодлик радиосининг Фурқат туманида мактаб ўқитувчиси Шуҳрат Жўраев қийноққа солингани юзасидан мақоласига муносабат билдирди. Расмий билдирувда айтилишича, мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ва хизмат текшируви бошланган.

“ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Шуҳрат Жўраевни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Шунингдек вилоят ИИБ томонидан ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади”, - дейилади хабарда.

31 июль куни Фарғона вилоятининг Фурқат туманида 35 ёшли ўқитувчи Шуҳрат Жўраев туман ИИБ нинг икки ходими уни мактабда компьютер ўғирланишига алоқадорликда айблаб, жиноятга иқрор этиш учун калтаклагани, ҳақоратлаб қийноққа солгани ҳақда Озодликка айтиб берган эди.

Ўшанда Фурқат туман ИИБ навбатчиси Жўраевнинг калтаклангани ҳақидаги иддаолари юзасидан Озодлик саволларига жавоб беришни истамаган.

Фурқат туман прокуратураси мактаб ўқитувчисининг туман ИИБ ида қийноққа солингани ҳақдаги даъволари юзасидан терговолди суриштируви ўтказилаётганини Озодликка тасдиқлаганди.