Тошкентда 20 ёшли йигит банкоматдан 10,5 миллион сўм ўғирлади

Ўғри Қўйлиқ бозорига ўрнатилган банкомат олдида "фаолият юритган".

Тошкентда 10 кун ичида 7 одамнинг пластик картасидан ўн миллион сўмдан ортиқ пулни ўғирлаган 20 ёшли йигит қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти маълум қилди.

Расмий маълумотда айтилишича, 20 ёшли И.М., “Қўйлиқ деҳқон бозори” ҳудудидаги банкомат олдида 29 май кунидан 09 июнгача пулни нақдлаштириш мақсадида келган одамларга пулни ечиб олишда ёрдам таклиф қилган.

У мижозларнинг пластик карталарини олиб, пулларни нақдлаштириш жараёнида, пластик картага уланиш «SMS» хабарномасини ўзининг уяли телефон рақамига яширинча ўрнатган. Шунингдек, у пластик карта рақами ва кодини уяли алоқа воситасига сақлаб олган.

Шундан сўнг у жами 7 нафар фуқаронинг пластик картаси ҳисобида мавжуд бўлган жами 10 миллион 497 минг 410 сўм пулни банкоматдан ечиб олган.

“Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ 2-сонли ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов жараёнида, И.М., айбланувчи тариқасида жалб қилинган ва лозим бўлган эҳтиёт чораси танланган. Тергов ҳаракатлари якунига кўра, жиноят иши айблов хулосаси билан тегишлилиги бўйча судга юборилган”, -дейилади хабарда.