Риштонда ўзбек-тожик “Дўстлик уйи” очилди

Риштонда очилган ўзбек-тожик "Дўстлик уйи" (Фарғона вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати фотоси).

Фарғона вилоятининг Риштон туманида ўзбек-тожик “Дўстлик уйи”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Маросимда иштирок этганлар ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик рамзи ўлароқ Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий байтларидан ширу-шакар услубида намуналар ўқиганлар.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса “бу ер мушоиралар, учрашувлар, маърифий суҳбатлар ўтказиладиган маънавият марказига айланиши лозим”лигини урғулаган.

“Дўстлик уйи” шарқона услубдаги ёғоч ўймакорлигининг энг гўзал намуналари бўлган устун ва шифтлар, ганч деворлар ва сопол кошинлар билан безатилгани айтилмоқда.