Бош прокуратура Сирдарёда қурувчилар 2,5 миллиард сўмни талон-торож қилганини билдирди

Иллюстратив сурат.

Сирдарё вилоятидаги кўп қаватли уйлар қурилишида 2 миллиард 482 миллион сўм миқдорида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Газета.уз нашрига Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиннов маълум қилган.

Мулозимга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Оқолтин туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.S.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Оқолтин тумани “Кўркам диёр” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 949 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шунингдек, “Y.N” МЧЖ томонидан массивдаги битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 586 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали ва “S.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, Ховос тумани “Ховос маркази” массивида битта кўп қаватли уй-жойнинг қурилганлиги ҳақидаги ҳужжатларга ҳақиқатда бажарилмаган 947 млн сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан “Қишлоқ қурилиш инвест” МЧЖ ИК Сирдарё вилояти филиали мансабдор шахслари ва жамият раҳбарларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани қайд этилган.

Шу йилнинг 1 май куни “Сардоба” сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий ҳисоб-китобга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган. Ҳодиса ортидан зарар кўрган туманларда расмийлар буюртмаси билан бир қанча кўп қаватли уйлар қурила бошлаганди.